Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда кўпгина соҳалар қатори автотранспорт ходимлари ҳам бор куч ва имкониятларини ишга солиб, юрт равнақи йўлида хизмат қилмоқдалар.
«Ўзбекбургаз» ишлаб чиқариш бирлашмасининг 1978 йил 27 июлдаги буйруғига асосан ташкил этилган автотрактор корхонаси бугунги кунда «Ўзпаравтотранс» акциядорлик жамияти номи билан юритилмоқда. 36 йиллик тарихга эга бўлган корхона тумандаги кўзга кўринган ташкилотлар сирасига киради.
Корхонани ташкил этишдан мақсад «Ўзбекбургаз» ишлаб чиқариш бирлашмаси таркибига кирувчи бошқармаларга автотранспорт хизмати кўрсатишдан иборат.
У ташкил қилинган вақтда Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидаги нефть ва газ конларида меҳнат қилаётган пармаловчи-бурғуловчиларга хизмат қилиб, ўша пайтда корхонанинг 1-автосаф ва трактор сафи Қоровулбозор шаҳрида, 3-автосаф Қашқадарё вилоятининг Карактай қўрғонида жойлашган эди. «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг 1999 йил 11 майдаги №82 сонли буйруғига асосан корхонага геология тизимидаги 3 та автосаф қўшилди. Булар Қоровулбозор шаҳрида жойлашган 4-махсус автосаф, Олот шаҳрида жойлашган 5-автосаф ва Галаосиё шаҳрида жойлашган 6-автосафлардир.
“Ўзпаравтотранс” АЖнинг бугунги таркиби:
- 1-автосаф - Бухоро вилоятининг Қоровулбозор шаҳрида жойшлашган;
- 2-автосаф - Қашқадарё вилоятининг Кўкдумалоқ қўшма автосафи, Кўкдумалоқ участкасида жойлашган;
- 3-автосаф - Қашқадарё вилоятининг Карактай қўрғонида жойлашган;
- 4-автосаф - Бухоро вилоятининг Гала-Осиё шаҳрида жойлашган;
- 5-автосаф - Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган.
Корхона ташкил топган вақтда 170 та транспорт ва механизмлар мавжуд бўлса, айни пайтда унинг ҳисобида 293 та техника бўлиб, шундан 253 та автотранспорт техникаси ва 40 та механизациялашган автотранспортдир.
Ҳозирда жамиятда жами 636 та ходимлар фаолият юритаётган бўлса, улардан 7 таси раҳбарият, 19 та мутахассислар, 25 таси техник ходимлар, 45 таси хизмат кўрсатувчи ходимлар ва 549 таси ишлаб чиқариш ходимларини ташкил қилади.
Корхона ташкил этилган ўша даврда ҳам, ҳозирги кунда ҳам Қоровулбозордаги энг катта транспорт корхонаси бўлиб, унинг хизмат кўрсатиш доирасининг кенглиги нафақат республикамиз, балки 1980 йилларда Қозоғистон Республикасидаги Оқсой шаҳридаги «Ўзбекбургаз» трестига қарашли пармалаш майдонлари, энг долзарб, иқлими жихатдан оғир бўлган Устюрт кенгликларидаги пармалаш майдонларида иш олиб бораётган ишчилар билан ҳамнафаслигида ҳам кўриниб турибди.
1995 йилда Кўкдумалоқ участкасида янги автосаф тузилиб, ишчиларнинг яшаши учун қулай шароитлар яратилди. 1978 йилдан 2014 йилга қадар корхонага Хабитдин Сайфутдинов, Иосиф Уник, Фёдор Юняев, Шавкат Гафаров, Убайдулло Аминов, Ахмед Ярашев, Ғафур Розиқов, Рамазон Дурдалиев, Владимир Коваленко, Сиддиқ Хошимов етакчилик қилган. 2015 йил январь ойидан жамоага Равшан Шамсиддинов раҳбарлик қилиб келмокда.
Истиқлол йилларида «Ўзпаравтотранс» АЖ республикамизнинг нефть ва газ мустақиллигига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Энг долзарб участкалар Кўкдумалоқ, Арниёз, Марковский, Жанубий Кемачи, Помуқ, Хожиқазгон, Баркон, Сомонтепа, Женов, Алан, Денгизкўл, Дояхотин, Қуруқ, Тайлоқ майдонларида олиб борилган пармалаш ишларида «Бухоронефтгазпармалаш», «Қашқадарёпармалаш» АЖ пармаловчилари билан биргаликда иш олиб борилди. 1996 йилдан бошлаб, «Устюрт қидирув пармалаш бошқармаси» унитар шуъба корхонаси буюртмасига асосан Устюрт ҳудудида очилаётган сон-саноқсиз нефть ва газ булоқларига қайта ҳаёт бағишлашда салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Ташкилот юқорида тилга олинган корхоналарнинг иш олиб боришларида керакли барча асбоб-ускуналарни, техник жиҳозларни ўз вактида узлуксиз етказиб бераётганлиги сабабли улар янги конларни ўз муддатида топшириб келмоқдалар.
«Ўзпаравтотранс» АЖ нафақат маҳаллий корхона ва ташкилотлар билан, шулар қаторида хорижий «Lukoil Uzbekistan Operаting Company», «Aral Sea Operаting Company», «Integra Eurasia», «Eriеll Uzbekistan» компаниялари билан ҳам ҳамкорлик қилади. Бунинг натижасида корхона автопарки ўз маблағлари ҳисобидан янгиланиб борди. 2009-2010 йилларда 40 дан ортиқ замонавий автотранспорт ва механизмлар сотиб олинди ва бу ўз навбатида буюртмачилар талабларини қондиришга, республикамизнинг нефть-газ захираларининг кўпайишига хизмат қилмоқда.
Тарих нуқтаи назаридан унча катта муддат бўлмаган қисқа вақт ичида корхона ижтимоий-иқтисодий хаётида кўплаб ўзгаришлар ва қувончли воқеалар юз берди. Корхонада мустақиллик йилларида буюртмачиларга автотранспорт хизматини ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш борасида анча ишлар қилинди. Транспорт воситалари эҳтиёт қисмлар билан ўз вақтида таъминлаб борилмокда. Эскирган техникалар ҳисобдан чиқарилиб, уларнинг ўрнига янги техникалар олинаяпти.
2007-2008 йилларда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига тегишли бўлган автосаф биноси ҳамда таъмирлаш устахонаси жамият томонидан сотиб олиниб кенг кўламдаги қурилиш ва ободонлаштириш натижасида маъмурий бино замон талаблари асосида таъмирланиб, замонавий ускуналар ва оргтехникалар билан қайта жихозланди. 9 та янги цехлар барпо этилди.
Корхонада қўшимча маблағ топиш ҳамда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 2007 йилдан бошлаб «Қоровулбозор-Карактай йўл қурилиш ва таъмирлаш» унитар шуъба корхонаси ташкил қилинди. Ушбу корхона ҳозирги кунда пармалаш объектларига йўл қурилиши бўйича самарали хизмат кўрсатиб келмокда. 1996 йили корхона очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилди ва 14 миллион 586 минг сўмлик ўн етти минг етти юз саксонта акциялар ишчи-ходимларга тарқатилди. 2014 йилга келиб эса жамият ҳукуматимиз қарорига мувофиқ “очиқ акциядорлик жамияти” мақомидан “очиқ” сўзи олиб ташланди.
Жамият кўрсатиладиган автотранспорт хизматларини жаҳон талаблари доирасида мувофиқлаштириш учун ISO 9001:2008 бошқарув ва сифат халқаро стандартларини жорий қилиш мақсадида «Global Management Consult» компаниясининг халқаро стандартлар асосида хизмат кўрсатиш сертификатини компания корхоналари ичида биринчи бўлиб қўлга киритди.
Мустақиллик йилларида «Ўзпаравтотранс» акциядорлик жамияти томонидан қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва хомийлик ишларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, у 1993, 2002-2004 йилларда Бахоуддин Нақшбанд зиёратгохида олиб борилган таъмирлаш ишларида, 1998 йилда «Чорбакр» қадимий обидасини таъмирлаш ишларида фаол қатнашди. 2000 йилда Қоровулбозор шаҳридаги христианлар қабристони атрофлари ободонлаштирилди. Шунингдек, 2010 йилда Қоровулбозор марказий ўйингохи таъмирида, «Гўзал» жисмоний соғломлаштириш спорт комплексининг атрофини ободонлаштиришда, Бухоро шаҳридаги «Ёшлар маркази» қурилишида жонбозлик кўрсатди.
Ёз мавсумида касаба уюшмаси томонидан кам таъминланган оилалар фарзандларига «Беруний» болалар оромгоҳларига йўлланмалар бериб борилади, баҳор ойларида ҳайдовчиларнинг Ҳазрати Довуд зиёратгохига сафари ташкиллаштирилади. Қадимий Самарқанд, Шахрисабз, Тошкент шаҳарларига саёҳатлар уюштирилиб, миллий ёдгорликлар ва қадриятлар билан таништирилади.
8 март, Наврўз, 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни, Мустақиллик, Рўза, Қурбон ҳайити байрамларида соҳанинг фахрийлари,
нафақахўрлар, кам таъминланган оилалар, мухтожларни қўллаб-қувватлаш мақсадида беғараз ҳомийлик ёрдами кўрсатиб келинмокда.
Ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида 40 нафар ишчи-ходимга 2007 йил давомида 182 млн. сўмга истеъмол кредитлари расмийлаштирилган. Жамият Қоровулбозор шаҳридаги 1-сон мактабга доимий равишда хомийлик ёрдами кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунга келиб, жамиятнинг инвестициялар портфели 82 млн. 328 минг 132 сўмни ташкил қилиб, у Акциядорлик Тижорат «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг умумий қиймати 32 млн. 328 минг 132 сўмлик, номинал қиймати 3252 сўм бўлган 9940 дона оддий ва «Бухоро Марказий деҳқон бозори» АЖнинг умумий қиймати 50 млн. сўмлик номинал қиймати 1000 сўм бўлган 50 000 дона оддий акцияларидан иборат.
«Ўзпаравтотранс» акциядорлик жамиятида 2015 йил давомида бажарилган автотранспортлар хизмати ҳажми 30 млрд. 514 млн. сўмни, соф фойда эса 937 млн. сўмни ташкил этди.
Корхонада Асадовлар, Шлямовлар, Улжабаевлар, Хайдаровлар, Худаевлар, Киличевлар, Дурматовлар, Азимовлар сулолалари ишлаяпти.
Чори Юнусов, Қахрамон Калонов, Жаббор Дилмуродов, Юлдош Дурматов, Жума Ҳамдамов, Ҳамид Исоқов, Жасур Дурматов, Хушвақт Толибов, Қурбонназар Омонов, Нусрат Туксонов жамиятнинг илғор ходимлари сифатида тилга олинади.
Корхона ишлаб чиқариш фахрийлари Алим Қиличов, Сафар Адизов, Мусбир Мехралиев, Юлдош Ишқулов, Ашурмамат Асадов, Амангелди Ўлжабаев, Али Ду-шанов, Шамсиддин Санзибаев, Хасан Худойқулов, Бахтиёр Бозоров, Мамат Бозоров, Павел Пашенко, Сайд Абдиев, Орзиқул Кумаков, Норпўлот Қаххоров, Истам Ахмедов, Жўрақул Қурбонов, Содиқ Очилов, Болта Тошев, Ашур Азимовлар ҳисобланишади.
Навқирон ёшдаги корхона аҳли бундан кейин ҳам хизмат доирасини кенгайтириб, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси таркибига кирувчи бошқа ташкилотлар ҳамда чет эл компанияларига сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилган.