Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 30-сон, 397-модда)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда, давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларни бошқариш органлари томонидан ушбу масаланинг кўриб чиқилишини ташкил этган ҳолда, фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонлари жорий этилишини таъминласин.
3. Хўжалик бошқаруви органларига ўзлари муассислари (акциядорлари, қатнашчилари) бўлган ташкилотларда фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш тавсия қилинсин.
4. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ давлат корхоналарида, шунингдек хўжалик бошқаруви органлари муассиси ҳисобланадиган унитар корхоналарда муассис томонидан ташкилотнинг кейинги йил учун бизнес-режаси ҳар йили 1 декабргача тасдиқланади ва унинг бажарилиши тўғрисида ташкилотнинг ижро этувчи органи ҳисоботи ҳар чоракда эшитиб борилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда:
ушбу қарор қоидалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этсин;
2016 йил 1 мартгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарор қоидаларининг давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига жорий этилиши ҳолати тўғрисида ахборот киритсин.
6. Ушбу қарор 2016 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2015 йил 28 июль,
207-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 28 июлдаги 207-сон қарорига
ИЛОВА
Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида», «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2015 йил 24 апрелдаги ПФ-4720-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Устав фондида давлат улуши бўлган корхоналарнинг самарали бошқарилишини ва давлат мулкининг зарур даражада ҳисобга олинишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда устав капиталида давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар, давлат корхоналари (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини белгилайди.
2. Ушбу Низом банкларга ва суғурта ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик жамиятлари ўзларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун ушбу Низомни жамиятнинг бошқарув органлари қарорига биноан татбиқ этишлари мумкин.
3. Давлат улуши бўлган акциядорлик жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини жорий этиш ва қўллаш 1-иловага* мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
4. Самарадорликни баҳолаш мезонлари белгиланган даврийлик бўйича ҳисобланадиган самарадорликнинг муҳим кўрсаткичларини ўз ичига олади.
5. Самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (кейинги ўринларда СМК деб аталади) ташкилотларнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини аниқлаш учун фойдаланиладиган баҳолаш мезонларининг миқдорий ўлчовидан иборат бўлади.
6. СМК рўйхати фаолиятнинг иқтисодий, энергетика, ишлаб чиқариш, инновацион самарадорлиги кўрсаткичларини ва самарадорликнинг бошқа кўрсаткичларини ўз ичига олиши мумкин.
7. СМК рўйхати ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи бўлган кузатув кенгаши, у мавжуд бўлмаганда эса — юқори бошқарув органи (хўжалик жамиятлари учун) ёки муассис (давлат корхоналари учун) қарори билан тасдиқланади.
8. СМКни ҳисоблашнинг даврийлиги ҳар чоракдан иборат бўлади ва ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарори билан белгиланади.
Манбаи фақат йиллик ҳисобот бўлган кўрсаткичлар бир йилда бир марта ҳисобланади.
9. Ташкилотнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун ушбу Низомнинг 2а ва 2б-иловаларида* кўрсатилган СМК татбиқ этилади. Бунда 2а-иловада* кўрсатилган СМК ҳисоблаш ва «Давлат активларини бошқариш маркази» давлат унитар корхонасига (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) тақдим этиш учун мажбурий ҳисобланади.
Айрим СМКни татбиқ этиш имконияти мавжуд бўлмаганда, бу тўғридаги қарор ижро этувчи органнинг таклифига биноан ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқланади.
10. Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарори билан ташкилот фаолиятининг тармоқ бўйича мансублигидан, ривожланиш стратегиясидан ва фаолиятининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда СМК сифатида бошқа коэффициентлардан фойдаланиш мумкин.
11. Баҳолаш мақсади учун ҳар бир СМКга унинг ташкилот учун аҳамиятини акс эттирувчи салмоқ ўлчови белгиланади. Ташкилотга нисбатан татбиқ этиладиган барча СМК салмоқ ўлчовлари жами 100 фоизни ташкил қилади.
12. Ҳар бир СМКнинг салмоқ ўлчови, унинг ташкилот фаолияти учун аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарори билан белгиланади.
II. Кўрсаткичларни ҳисоблаш
13. Қуйидагилар:
ташкилотнинг бухгалтерия ҳисоби ҳужжатларидаги;
давлат органларига тақдим этиладиган ҳисоботлар (молиявий, статистик, солиқ ҳисоботлари ва бошқалар)даги;
бизнес-режадаги;
белгиланган тартибда олинган ёки ишлаб чиқилган бошқа материаллардаги маълумотлар СМКни ҳисоблашнинг ахборот манбаи ҳисобланади.
14. Ташкилот СМКни ҳисоблашни амалга ошириш учун бошқа ташкилот (консультант)ни жалб қилишга ҳақлидир.
15. СМКни ҳисоблашнинг тўғрилиги ва ишончлилиги ташкилотнинг раҳбари томонидан тасдиқланади.
16. СМКни ҳисоблаш ушбу Низомнинг 3а ва 3б-иловаларидаги* қоидалар бўйича амалга оширилади.
Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи, Марказни хабардор қилган ҳолда, СМКни ҳисоблашнинг бошқа қоидаларини қўллашга ҳақлидир.
* 1 — 3б-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
III. СМКнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичлари
17. СМКнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичлари ҳар бир давр учун бизнес-режада, унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида илова сифатида акс эттирилади.
18. СМКнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичлари ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи томонидан қонунчиликда белгиланган меъёрий миқдордан (агар кўрсаткичлар учун қонунчиликда меъёрий миқдор белгиланган бўлса) паст бўлмаган даражада белгиланади.
19. Агар қонунчиликда кўрсаткичлар учун меъёрий миқдор назарда тутилмаган бўлса, прогноз (мақсадли) кўрсаткични аниқлаш учун бошқа ташкилот (консультант) жалб этилиши мумкин.
20. Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи навбатдаги чорак тугагандан сўнг СМКнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичларига тузатиш киритиши мумкин.
21. Агар СМКнинг прогноз (мақсадли) кўрсаткичига тузатиш киритиш илгари амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоблашга зарурат туғдирса, у ҳолда бундай қайта ҳисоблаш ушбу Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
IV. Баҳолаш кўрсаткичларидан фойдаланиш ва уларнинг мониторинги
22. Ҳисоблаш йўли билан олинган СМК миқдорлари уларнинг бизнес-режада белгиланган прогноз (мақсадли) миқдорлари билан ҳисобланган ва мақсадли миқдорнинг фоизли нисбати тарзида (кейинги ўринларда бажариш фоизи деб аталади) таққосланади.
23. Барча СМК бўйича ўртача ҳисобланган миқдор ташкилотнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигининг йиғинди кўрсаткичи (кейинги ўринларда СЙК деб аталади) сифатида ифодаланади.
24. Жорий даврда ижро этувчи орган раҳбари ва аъзоларини мукофотлаш миқдори бизнес-режада назарда тутилган ижро этувчи органни моддий рағбатлантириш пули миқдорини СЙКга кўпайтириш йўли билан аниқланади. Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарорига биноан ижро этувчи органнинг ташкилот фаолияти натижаларини шакллантиришдаги ҳақиқий иштирокидан келиб чиқиб, тузатиш коэффициенти қўлланиши мумкин.
25. Агар СЙК ва уларнинг бажарилиши фоизи барча СМКнинг камида ярмида прогноздан (мақсадли кўрсаткичдан) ошса, ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарорига асосан ижро этувчи орган раҳбари ва аъзоларини мукофотлаш миқдори бизнес-режада назарда тутилган мукофотлаш миқдорига нисбатан икки баробар оширилиши мумкин.
26. Агар СМКнинг ҳақиқий миқдори қонунчиликда белгиланган меъёрий миқдордан паст бўлса, ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарорига асосан ижро этувчи орган раҳбарига нисбатан қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик чоралари кўрилади.
27. Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи қарорига асосан ижро этувчи орган фаолияти самарадорлиги қуйидагича эътироф этилади:
СЙК миқдори 40 фоиздан кам бўлса — қониқарсиз;
СЙК миқдори 40 фоиздан 60 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса — паст даражада;
СЙК миқдори 60 фоиздан 80 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса — етарли даражада эмас;
СЙК миқдори 80 фоиздан 90 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса — ўртача даражада;
СЙК миқдори 90 фоиздан 100 (ушбу даража ҳам киради) фоизгача бўлса — етарли даражада;
СЙК миқдори 100 фоиздан ошса — юқори даражада.
28. Ташкилотларда ижро этувчи орган фаолияти самарадорлигини баҳоламасдан ёки уларнинг фаолияти қониқарсиз ёки паст даражада деб эътироф этилган тақдирда устамалар белгилашга, мукофот пули ва бошқа моддий рағбатлантиришлар тўлашга йўл қўйилмайди.
29. Ижро этувчи органнинг самарадорлиги кетма-кет икки чорак мобайнида қониқарсиз ёки паст даражада (ҳар қандай уйғунликда) бўлса, бу ижро этувчи орган раҳбари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ташаббуси билан чиқишга олиб келади.
30. СМКнинг ҳисобланган миқдорлари, СЙКни бажариш фоизлари белгиланган тартибда ташкилотнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади ва акциядорларга (қатнашчиларга, мулкдорга) уларнинг ёзма сўрови бўйича тақдим этилади.
31. Ижро этувчи орган фаолияти самарадорлигининг тизимли мониторингини ташкил этиш мақсадида, ташкилотлар Марказнинг расмий веб-сайтидаги тегишли шаклни тўлдириш йўли билан, Марказга СМКни электрон кўринишда қуйидагича тақдим этади:
I чорак, ярим йиллик ва тўққиз ой якуни бўйича — ҳисобот давридан кейинги ойнинг 30-санасигача;
йил якуни бўйича — ҳисобот давридан кейин 1 мартдан кечиктирмай.
32. Марказ:
ҳеч қандай тўловларсиз электрон рақамли имзоси мавжуд ташкилотларга Марказнинг расмий веб-сайтида СМК тўғрисидаги маълумотларни тўлдириш имкониятини;
Марказнинг расмий-веб-сайтида СМК, СЙК ва уларни бажариш фоизлари ҳақидаги йиғма маълумотлари эълон қилинишини;
давлат активларини самарали бошқариш мақсадида давлат томонидан акциядор (қатнашчи) ва муассис ваколатларини амалга оширишда ташкилотларнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлиги тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни таъминлайди.
33. Марказ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан, Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасидан ижро этувчи орган фаолиятини баҳолаш учун зарур бўлган маълумотларни идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик йўли билан текин олиш ҳуқуқига эга.
34. Марказ давлат ташкилотларидан ташкилотларнинг ижро этувчи органи фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун зарур бўлган ахборотларни, агар бундай ахборотларни олишга бўлган ҳуқуқи акциядорлар (қатнашчи, мулкдор) учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бўлса, текин олишга ҳақлидир.
35. Марказ, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, Марказнинг расмий веб-сайтини ўз ичига қамрайдиган электрон тизимнинг ишланмасини ва техник қўллаб-қувватланишини ўз вақтида молиялаштиришни амалга оширади.
V. Баҳолаш кўрсаткичларини текшириш ва экспертизадан ўтказиш
36. СМК, СЙК ва уларнинг йил якунлари бўйича бажариш ҳисоби аудиторлик ташкилоти томонидан, йил якунлари бўйича аудит ўтказиш тўғрисидаги шартноманинг алоҳида қўшимча предмети доирасида, профессионал консалтинг хизматлари кўрсатиш йўли билан текширилади.
37. Аудиторлик ташкилотининг СМК, СЙК ва уларнинг бажарилиши фоизларининг ҳисобланган миқдорини текшириш бўйича аудиторлик ташкилотининг профессионал консалтинг хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги ҳисоботи ташкилотнинг ҳисобот йилидаги фаолияти натижалари билан бирга (акциядорлари (қатнашчилари)нинг ёки давлат корхоналари муассисларининг йиллик умумий йиғилишида) кўриб чиқилади.
38. Ташкилотнинг ваколатли бошқарув органлари қарорига асосан аудиторлик ташкилоти СМК, СЙК ва уларнинг I чорак, ярим йиллик ёки 9 ойлик якунлари бўйича бажарилиши ҳисобини текшириши мумкин.
39. Аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, илгари ҳисобланган СМК, СЙК миқдори ва уларнинг бажарилиш фоизларига зарур аниқликлар киритилади. Агар СМК, СЙК миқдорига ва уларнинг бажарилиши фоизларига киритилган аниқлаштиришлар натижасида:
ташкилотнинг ижро этувчи органи раҳбарларига ва аъзоларига тўланадиган тўловлар миқдорини яхшилаш учун уларни қўшимча равишда ҳисоблаб чиқиш зарурлиги аниқланганда мазкур ижобий фарқ ҳисобот йилидаги иш якунлари бўйича уларга тўланадиган рағбатлантириш пуллари тўланаётганда тўғриланади;
ортиқча тўланган тўловларни ушлаб қолиш заруриятини келтириб чиқарувчи ҳолат аниқланганда, ташкилотнинг ижро этувчи органи раҳбарларига ва аъзоларига илгари тўланган тўловлардаги салбий фарқ ҳисобот йилидаги иш якунлари бўйича уларга рағбатлантириш пуллари тўланаётганда тузатилади ёки уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинади ёхуд қонунчиликда белгиланган бошқа усулда қопланади.
40. Ҳисобланган СМК, СЙК ва уларнинг бажарилиши фоизлари қонунчиликда белгиланган тартибда, суд қарорига асосан экспертизадан ўтказилиши ҳам мумкин. СМК, СЙК ва уларнинг бажарилиши фоизларининг тўғрилиги бўйича экспертиза натижаларига кўра мос келмаган ҳолатлар ушбу Низомда назарда тутилган тўловларни қайта ҳисоблашга ва номувофиқликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жавобгарликка олиб келади.
VI. Якунловчи қоидалар
41. Ташкилот фаолиятида ушбу Низом талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат ташкилотнинг ваколатли бошқарув органи томонидан амалга оширилади.
42. Ушбу Низомнинг қўлланиши билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
43. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.