Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 17-сон, 204-модда)
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини тубдан ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:
1. Қуйидагилар корпоратив бошқарув тизимини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва шу асосда замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш, ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
чет эл капитали иштирокида акциядорлик жамиятларини ташкил этиш, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш;
эски бўлинмалар ва лавозимларни тугатиш, замонавий халқаро стандартлар ва бозор иқтисодиёти талабларига мос янги бўлинма ва лавозимларни жорий этишни инобатга олган ҳолда, акциядорлик жамиятларини бошқариш тузилмасини тубдан қайта ташкил этиш;
акциядорлик жамиятларини стратегик бошқариш, бошқарув ходимларининг самарали фаолиятини назорат қилишни таъминлашда акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар ролини ошириш;
етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида бошқарув ходимларини тайёрлаш ва уларнинг касб даражасини ошириш, шунингдек, акциядорлик жамиятларида раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерларни жалб қилиш.
2. Фаолият кўрсатаётган акциядорлик жамиятларини танқидий ўрганиш натижаларига кўра, 364 акциядорлик жамияти ночор ва тугатилиши ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга айлантирилиши лозим, деб топилгани маълумот учун қабул қилинсин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 31 мартдаги ПҚ-2327-сонли қарори билан ташкил этилган Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси (Р. Азимов) қайд этилган акциядорлик жамиятларини қайта ташкил этиш жараёнини 2015 йилнинг 1 октябрига қадар тугатиш устидан қатъий назорат ўрнатсин.
3. Етакчи хорижий компанияларда бошқарувни ташкил этиш тизимини чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилган акциядорлик жамиятининг намунавий ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси:
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор идоралар ва акциядорлик жамиятларининг кузатув кенгашлари билан ҳамкорликда уч ой муддатда акциядорлик жамиятлари ташкилий тузилмасини уларнинг тармоқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда, намунавий тузилмага мувофиқлаштиришни таъминласин;
давлат улушига эга акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари таркибини уч ой муддатда корпоратив бошқарувнинг замонавий услублари ва принциплари, менежмент ва маркетингни, ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда уларни ишлаб чиқаришни бошқариш тизимида қўллай билиши бўйича аттестациядан ўтказсин;
аттестация якунлари бўйича бўшаган лавозимларга янгича фикрлайдиган, замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали раҳбарлар, шунингдек, хорижий менежерларни жалб этиш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига «Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификатори»га акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмасидан келиб чиқадиган зарур ўзгартишлар киритиш ҳақида таклифлар тақдим этсин.
5. Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссиясининг Германия ҳамда бошқа иқтисодий ривожланган давлатларнинг етакчи таълим муассасаларини жалб этган ҳолда, тугатиладиган Олий бизнес мактаби негизида Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказини ташкил этиш, унинг зиммасига корпоратив бошқарувнинг ташкилий шакллари ва замонавий услубларини жорий қилишни методик таъминлаш, шунингдек, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ ушбу соҳада бошқарув ходимларини тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш вазифасини юклаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни белгиланган тартибда қабул қилсин ва унинг вазифалари, тузилмаси, тингловчиларни қабул қилиш квотаси, шунингдек, марказнинг самарали фаолиятини таъминлаш чораларини белгиласин.
6. Корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1, 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Вазирлар Маҳкамаси Дастурга киритилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилишини тизимли асосда назорат қилинишини таъминласин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра, 2015 йил 1 июлдан:
акциядорлик жамияти ижро органининг раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги қарор, одатда, хорижий менежерлар ҳам иштирок этиши мумкин бўлган танлов асосида қабул қилинади;
акциядорлар, жумладан, миноритар акциядорлар хўжалик судига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилганда, уларга давлат божини тўлаш муддати узайтирилади ва бу бож айбдор томонидан ундирилади.
8. Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Германия ҳамда бошқа ривожланган давлатларнинг муваффақиятли тажрибаси асосида 2015 йил 1 августга қадар Корпоратив бошқарув кодексини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, халқаро амалиётни инобатга олган ҳолда ягона ҳужжатда:
корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича тавсиялар, жумладан, узоқ муддатли истиқболда ривожланиш стратегияси ва вазифалари, ички назорат тизимлари ва ижро органининг акциядорлар ҳамда инвесторлар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилаш;
акциядорлик жамиятлари фаолиятининг кўлами, тармоқ хусусиятлари ва йўналишларини инобатга олган ҳолда, намунавий ташкилий тузилмани жорий қилиш;
акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, улар томонидан халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисобот ахборотини нашр қилиш.
9. 2015 йилнинг 1 июлидан акциядорлик ва бошқа хўжалик жамиятлари номларида уларнинг устав капиталида давлат улушидан қатъи назар, «давлат» сўзидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги;
2015 — 2018 йилларда барча акциядорлик жамиятлари йиллик молиявий ҳисоботни нашр этиши ва Халқаро аудит стандартлари ҳамда Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ ташқи аудитни ўтказиши маълумот учун қабул қилинсин.
Акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссияси 2015 йилнинг 1 июлига қадар акциядорлик жамиятларининг йиллик молиявий ҳисоботини халқаро стандартларга мувофиқ нашр этиш жадвалини тасдиқласин.
10. Акциядорлик жамиятлари бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган хорижий мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлаш;
хорижий мутахассисларнинг бошқарув ходимлари сифатидаги фаолиятидан олган даромадлари даромад солиғи, тўлов манбаидан олинадиган даромад солиғи, шунингдек, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўланадиган мажбурий суғурта бадалларидан озод этилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар тақдим этсин.
12. Ушбу Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 24 апрель,
ПФ-4720